Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинади

Президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинади. Қарор (ПҚ-21-сон, 23.01.2025 й.) билан президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар берди Ҳуқуқий ахборот Телеграм канали.
Унга кўра, президентнинг айрим қарорларига ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомига киритилган қўшимчага кўра:
Ички ишлар органлари хизматига кириш истагини билдирган фуқаро “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар билан ёзма шаклда таништирилади.
Мазкур чекловларга рози бўлган ҳамда вазирликнинг махсус талабларига жавоб берадиган номзодлар ички ишлар органлари хизматига қабул қилинади.
Шунингдек, давлат божхона хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомга киритилган қўшимчага кўра:
Божхона органларида хизматни ўташ билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя этишни рад этган ёки махсус талабларга жавоб бермайдиган фуқаролар хизматга қабул қилиниши мумкин эмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга киритилган қўшимчага кўра:
Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган фуқаро “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунда ва ҳарбий хизмат шартларида назарда тутилган ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлган чекловлар ҳамда махсус талаблар билан ёзма шаклда таништирилади.
Мазкур чекловлар билан контракт тузишга рози бўлган ҳамда вазирликларнинг махсус талабларига жавоб берадиган номзодлар контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинади.
Ўзбекистон армияси рақамларда