TOШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Шу йилнинг 2-4 апрель кунлари IX Санкт-Петербург халқаро меҳнат форуми бўлиб ўтади, дея хабар берди МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.
МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси штаб-квартирасида 2-4 апрель кунлари бўлиб ўтадиган IX Санкт-Петербург халқаро меҳнат форумига тайёргарлик кўриш бўйича ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Йиғилишда ишчи дастурни шакллантириш ва ташкилий масалалар муҳокама қилинди. Учрашувда Санкт-Петербург шаҳри меҳнат ва аҳоли бандлиги қўмитаси раиси Василий Пониделко ҳамда Санкт-Петербург шаҳридаги Миллатлараро муносабатлар ва миграция сиёсатини амалга ошириш қўмитаси раиси Олег Капитанов иштирок этди.
“Таврида саройи анъанавий тарзда Ҳамдўстлигимизнинг барча мамлакатлари учун долзарб бўлган мавзуларни муҳокама қилиш учун майдонга айланади, – деди МДҲ ПА Кенгаши бош котиби Дмитрий Кобицкий.
Форумда МДҲнинг умумий миграция майдони муҳокама қилинади. Форум доирасида МДҲ ПА Ижтимоий сиёсат ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссиясининг йиғилиши ҳамда МДҲ мамлакатлари учун ягона миграция маконини яратиш концепциясининг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтади.
Форумда янги иқтисодиёт учун кадрлар, кадрлар етишмовчилиги, меҳнат унумдорлигини ошириш ва меҳнат миграциясини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинади.
Санкт-Петербург халқаро меҳнат форуми – бу меҳнат муносабатлари соҳасидаги энг йирик мунозара майдончаси бўлиб, унда меҳнат бозори ва иқтисодиёт масалалари, кадрлар билан таъминлаш тизимларини яратиш ва HR-тажриба ва усуллар билан алмашиш зарурати, Бандлик давлат хизматини модернизация қилиш, МДҲ давлатларининг умумий меҳнат бозорини шакллантириш масалалари кўриб чиқилади.