Ҳамкорлигимиз Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашга катта таъсир кўрсатади — Белоусов

Андрей Белоусов: ҳамкорликдаги ишимиз Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга катта таъсир кўрсатади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик дастурини имзолайди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов маълум қилди.
Бугун Тошкентда Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари ўртасида 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ва икки давлат ўртасида ҳарбий соҳада 2026-2030 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик дастури имзоланади.
1 / 4
2 / 4
3 / 4
4 / 4

“Ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, минтақадаги мавжуд вазиятни муҳокама қилишдан ташқари, биз бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолаш учун тайёрладик. Бу 2025 йилга мўлжалланган бошқармаларимиз ўртасидаги ҳамкорлик режаси ҳамда 2026-2030 йилларга мўлжалланган Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастуридир”, — деди Белоусов Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Халмуҳамедов билан музокаралар чоғида.

Россия мудофаа вазири “Россия ва Ўзбекистон стратегик шериклар ва азалий дўстлар” эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Москва ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорлик “ўзаро тушунишнинг юқори даражасига кўтарилган ва кенгайишда давом этмоқда”.

“Бу, айниқса, бугунги халқаро вазиятда муҳим аҳамиятга эга. Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари икки давлат хавфсизлик идоралари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Бизнинг ҳамкорликдаги ишимиз Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга катта таъсир кўрсатади, шунинг учун биз бугунги учрашувга катта аҳамият берамиз”, — деди Белоусов.

Музокараларни бошлар экан, у ҳамкасби билан учрашиб, шахсан танишганидан хурсанд эканлигини айтиб, Тошкентга таклифи ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди.

“Сизни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири лавозимига тайинланганингиз билан яна бир бор табриклаб, ушбу масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилайман”, — деди Белоусов.

Унинг маълум қилишича, Тошкентга келган Россия делегацияси таркибида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар раҳбарлари ҳам бор.
Россия мудофаа вазири бугунги учрашув икки давлат ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи бошланишига ишонч билдирди ва “кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга ўтиш”ни таклиф қилди. Кейин музокаралар ёпиқ эшиклар ортида давом этди.
Россия мудофаа вазири Ўзбекистонда бўлиб турибди — ташрифдан мақсад