ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасида Россия билан икки томонлама ҳамкорлик даражасини юқори баҳолайди ва уни янада ривожлантиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Халмуҳамедов маълум қилди.
“Мамлакатларимиз мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россия Федерацияси билан мудофаа ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг эришилган даражасини юқори баҳолайди ва уни янада ривожлантиришга катта аҳамият беради”, — деди Халмуҳамедов россиялик ҳамкасби Андрей Белоусов билан музокаралар чоғида.
Вазирнинг сўзларига кўра, Россия Ўзбекистон учун вақт синовидан ўтган ҳамкор, улкан салоҳиятга, қадимий тарихга, бой маданиятга эга мамлакат бўлиб, республикани тарихан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат анъаналари боғлаб туради.
Шунингдек, у икки давлат президентларининг сиёсий иродаси ва шахсий дўстона муносабатлари туфайли “Россия ва Ўзбекистон стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилганини” таъкидлади.