Тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш бўйича режалар маълум қилинди

Бу йил тиббиётга 370 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши мўлжалланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистон раҳбари тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш ва хизматлар сифатини оширишга доир таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, шифохоналарни замонавий ускуналар билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили камида 100 миллиард сўм ажратилмоқда.
“Ўтган йилнинг ўзида тиббиётни юқори технологик ускуналар билан таъминлаш учун 200 миллион доллар хорижий инвестиция, 94 миллион доллар грант жалб қилинди. Натижада олдин фақат республика муассасаларида бўлган компьютер томографи, магнит резонансли томограф, ангиографлар ҳозир вилоятларда, ўнлаб туманларда ҳам бор. Бу ихтисослашган хизмат аҳолига янада яқинлашди, дегани”, — дейилган хабарда.
Бу йил ушбу мақсадларга давлат ҳисобидан 200 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, тиббиётга 370 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши мўлжалланган.
Тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш бўйича режалар
Осиё тараққиёт банкининг 100 миллион доллар маблағи эвазига республикадаги 230 та туғруқ муассасаси учун 45 турдаги 21 мингта тиббий ускуна ва 6 та реанимобил харид қилинади.
Германиянинг KfW банкининг 30 миллион евро маблағи ҳисобига Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги 19 тадан тиббиёт муассасаси юрак-қон томир касалликларини даволовчи 862 та ускуна билан жиҳозланади. Яна шу банкнинг 13,5 миллион евро гранти орқали Термиз шаҳрида ўқув маркази, талабалар турар жойи қурилади. Бу марказ замонавий ўқув-симуляция ва ахборот технологиялари билан жиҳозланади.
“Давлатимиз раҳбари жиҳозлаш бу масаланинг фақат бир қисми экани, уларда ишлай оладиган малакали мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Тегишли муассасалардаги шифокор ва ҳамшираларни қўшимча ўқитиш вазифаси қўйилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Ускуналардан самарали фойдаланиш ҳам муҳим. Масалан, вилоятларда ангиографлар юкламаси ўртача 34 фоиз. Томограф бўйича ҳолат ҳам ҳар хил. Шу боис, ҳокимликлар билан бирга, давлат шифохоналаридаги юқори технологик ускуналардан самарали фойдаланиш бўйича аутсорсинг ва хусусий шериклик лойиҳалари йўлга қўйилиши белгиланди.
Меҳнати самарали деб топилган тиббиёт ходимларига устама тўланади