Мирзиёев Трампни лавозимга киришгани билан табриклаб, уни Ўзбекистонга таклиф этди

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трампни ушбу лавозимга расмий киришгани муносабати билан табриклади, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
Давлат раҳбари ўз мактубида Дональд Трампнинг янги муддатдаги фаолияти давомида АҚШнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори, иқтисодий қудрати ва салоҳияти, глобал миқёсдаги ўрни ва аҳамияти янада ортишига ишонч билдирди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон АҚШнинг республика мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатини юқори баҳолайди ва алоҳида қадрлайди.

"Сизнинг биринчи Президентлик даврингизда Ўзбекистон-АҚШ ўртасида янги даврдаги стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганини ва кўп қиррали алоқаларимиз юқори босқичга кўтарилганини таъкидлаб ўтишни истар эдим. Биз бундан кейин ҳам икки ва кўп томонлама платформалар доирасида узоқ муддатли ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз", – дейилади президент мактубида.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Трамп расман АҚШ президенти лавозимига киришди: у қандай ишларни амалга оширишга улгурди?