“М-25” кони ҳудудида газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилмоқда — Энергетика вазирлиги

Вазирлик М-25 газ кони билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “М-25” кони ҳудудида кичик ҳажмда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг расмий баёнотида маълум қилинди.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида “М-25” кони ҳудудида юзага келган вазият ҳақида хабар тарқалди. Вазирликка кўра, “М-25” кони ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган.
“Бугунги кунда 2024 йил сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти. 604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган. Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат”, — дея аниқлик киритилган баёнотда.
Айтилишича, ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.

“Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳа яхши мисол бўла олади”, — дея хулоса қилинган Энергетика вазирлиги хабарида.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида содир бўлган фавқулодда ҳодиса ҳақида нималар маълум?