Ўзбекистонлик ўқувчилар Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этишлари мумкин — шартлар

Олимпиаданинг асосий соврини Қизил майдондаги Ғалаба парадида қатнашиш имкониятидир.
Sputnik
TOШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган Бутунжаҳон мактаб олимпиадаси 23 февраль куни бошланади, дея хабар беради ташкилот матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган иштирокчилар Улуғ Ватан уруши ҳақидаги билимларини синаб кўришлари мумкин.

“Бу халқаро интеллектуал мусобақа бўлиб, турли мамлакат ёшларини Улуғ Ватан уруши ва Иккинчи жаҳон уруши воқеаларини ўрганишга жалб этади. Иштирокчилар XX аср тарихига билим ва ҳурматни намоён этган ҳолда онлайн тест синовларини топширади ва махсус топшириқларни бажаради”, — дейилади хабарда.

Олимпиада рус ва инглиз тилларида ўтказилади, бу унинг халқаро иштирокини кенгайтиради ва лойиҳани турли мамлакатлар мактаб ўқувчилари учун очиқ қилади.
Биринчи онлайн босқич 25 февралдан 21 мартгача бўлиб ўтади. Иштирокчилар Улуғ Ватан уруши қаҳрамонлари, жасоратлари, асосий жанглари ва тарихдаги муҳим саналар ҳақидаги саволларга жавоб беришлари керак бўлади.
Иккинчи онлайн босқич 24 мартдан 11 апрелга қадар давом этади. Кенгайтирилган тест блокига қўшимча равишда у ижодий вазифаларни, хусусан, тематик видеовизиткани яратишни ўз ичига олади.
Интеллектуал беллашувнинг финали 6 майга белгиланган. У Москвада бўлиб ўтади. Иштирокчилар ижодий топшириқларни ҳам бажаришлари керак бўлади.
Олимпиаданинг асосий соврини Қизил майдондаги Ғалаба парадида қатнашиш имкониятидир.