ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистонда “Тоза қўллар” дастури амалга оширилиши режалаштирилмоқда, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, шу йилнинг 1 майидан бошлаб Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан “Тоза қўллар” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон президенти фармони лойиҳасида қайд этилган.
Бундан кўзланган мақсад — аҳоли, айниқса, ёш авлод вакиллари томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш.
Дастур жорий этилиши туфайли қуйидаги натижаларга эришилади:
жамоатчилик фикри асосида барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойлари зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади;
санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолати яхшиланади;
санитария-гигиена хоналари янги қурилаётган муассасаларда бинонинг ички қисмида жойлаштирилади;
барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, шу жумладан, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш билан боғлиқ дастур қабул қилинади;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг халқаро экспертлари жалб этилган ҳолда республиканинг барча ижтимоий соҳа муассасаларида “2025–2028-йилларда Ўзбекистонда санитария-гигиена тизимини яхшилаш” дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
асосийси, мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолати ва аҳоли саломатлиги яхшиланади.
“Дастур соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилашга хизмат қилади”, — дейилади хабарда.
Президент фармони лойиҳаси “Ўзбекистон-2030” халқ стратегияси онлайн порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокама 2025 йил 22 январга қадар давом этади.