Покистоннинг фармацевтика компанияси Ўзбекистонда биотехнологик дорилар ишлаб чиқармоқчи

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг "Getz Pharma" фармацевтика компанияси раҳбари Халид Маҳмуд билан учрашув ўтказди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Покистоннинг фармацевтика компанияси Ўзбекистонда биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаради, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг "Getz Pharma" фармацевтика компанияси раҳбари Халид Маҳмуд билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, мамлакатда дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди.
Халид Маҳмуд Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизнес юритиш соҳасида ҳам янги имкониятларни очаётганини, бу эса хорижий инвестициялар оқимининг ошишига замин яратаётганини қайд этди.
“Тадбиркор юртимизда фармацевтика соҳаси тараққиётини янги босқичга кўтариш, тармоқнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини янада ошириш учун халқаро стандартлар тизимлари, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сертификатини жорий этиш, ЖССТ томонидан аккредитациядан ўтган лабораторияларни яратиш зарурлигини қайд этди. Халид Маҳмуд бу борада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди”, — дейилади хабарда.
У яратилаётган шароит ва берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиш мақсадида "Getz Pharma" раҳбари "Tashkent Pharma Park" фармацевтика кластери ҳудудида биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхонани бунёд этиш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришганини, у 2029 йилда тўлиқ ишга туширилишини маълум қилди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шу жумладан, Карачи шаҳрида қўшма маданий-гуманитар тадбирларни биргаликда ташкил этиш масалалари ҳам келишиб олинди.