"Ўзбеккосмос" ҳозирча космонавтлар учиришни режалаштирмаяпти

Бунинг учун мамлакатда барча имкониятлар мавжуд, бироқ аввало космонавт амалга ошириши керак бўлган илмий тадқиқот ишлари ҳажмини тўплаши керак.
Sputnik
ТОШКEНТ, 17 январь — Sputnik. "Ўзбеккосмос" ҳозирча космонавтларни орбитага чиқаришни режалаштирмаяпти, бунинг учун аввало космонавт амалга ошириши керак бўлган илмий тадқиқот ишлари ҳажмини тўплаши керак, деди "Ўзбеккосмос"нинг аэрокосмик фаолият ва космик мониторинг тизимларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Муҳиддин Иброҳимов.
Айни дамда “Ўзбеккосмос”нинг асосий фаолияти орбитада мавжуд бўлган космик гуруҳлардан олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлашдан иборат, деди мутахассис.

“Хусусан, 2024 йилда олиб борилган космик мониторинг бизга 100 та мингдан ортиқ қоидабузарликни аниқлаш имконини берди. Улар орасида — ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар, ноқонуний карьерлар ва қазиб олиш жойлари, чиқиндихоналар, ўсимлик қолдиқларини ёқиш ҳолатлари бор”, — деди Иброҳимов.

Шунингдек, космик мониторинг натижасида мамлакатнинг саккизта ҳудудида ерлардан унумдор фойдаланиш самарадорлиги, ўрмон билан қопланганлик даражаси аниқланди, 35 та сув омбориларидаги сув ҳажмини кузатиш тизими йўлга қўйилди ва лойқа даражаси аниқланди.

Кадрлар тайёрлаш

Агентлик халқаро ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш соҳасида фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, "Geotwo", "Synspective", "iSpace" халқаро ташкилотлари, "Kyushu" университети ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, халқаро конгресслар, саммитлар ва кўргазмаларда иштирок этилди.
“Айни вақтда Ўзбекистон туркий мамлакатлар билан ҳамкорликда қўшма илмий сунъий йўлдошни ишлаб чиқишда ҳам иштирок этмоқда. Уни 2026 йилнинг ўрталарида учириш режалаштирилган”, — деди Иброҳимов.
Космик таълим соҳасида “Жаҳон космос ҳафталиги” ва “NASA Space Apps Challenge 2024” хакатон каби йирик лойиҳалар бошланган. Шунингдек, Тошкентдаги олий ўқув юртлари ва мактаблар билан космик тадқиқотлар ва технологиялар, инновациялар ва стартаплар соҳасида ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон космик фазони тадқиқ қилиш ҳуқуқига эга бўлди