ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг бутун Россия учун аҳамияти жуда катта ва Ғалабанинг 80 йиллиги нишонланадиган жорий йил муҳим аҳамиятга эга, деди Россия президенти Владимир Путин.
“Россиянинг “Ғалаба” (Победа) ташкилий қўмитасининг бугунги йиғилиши мамлакатимиз учун жуда муҳим, аҳамиятли йилни очади. Май ойида биз Буюк Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаймиз. Унинг Россия тақдирида, бутун халқимизнинг характери ва қадриятларида аҳамияти жуда катта. Улуғ Ватан уруши воқеалари ва нацизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг сўнмас хотираси белгиси сифатида, авлодлар узлуксизлиги рамзи сифатида 2025 йил Россияда Ватан ҳимоячилари йили деб эълон қилинди” – деди Путин “Ғалаба” ташкилий қўмитаси йиғилишида.
Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазирлигининг Улуғ Ватан уруши қатнашчиларининг барчасига фахрий фуқаро унвонини бериш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади.
“Мудофаа вазирлигининг барча фронтдаги аскарларимизга, Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига вилоят, шаҳар ёки шаҳарнинг фахрий фуқароси унвонини бериш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш зарур, деб ҳисоблайман Аммо, такрор айтаман, қўлида қурол билан жанг қилган ҳар бир фахрий бунга лойиқ”, — деди Путин.
2025 йил 9 май куни Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги нишонланади.
Ғалабанинг 80 йиллиги шарафига Москва ва бошқа саккизта қаҳрамон шаҳарда, шунингдек, ҳарбий округлар, флотлар, қўшма қуролли қўшинлар ва Каспий флотилиясининг штаб-квартиралари жойлашган 19 шаҳарда парадлар ўтказилади.
Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов қайд этишича, Москвадаги Ғалаба парадига 19 дўст давлатнинг ҳарбий бўлинмалари таклиф этилган, улардан 10 нафари иштирокини тасдиқлаган.
“Қизил майдондаги парадда қатнашиш учун 19 та дўст давлатнинг ҳарбий бўлинмалари таклиф қилинган, улардан 10 таси, жумладан, собиқ Совет Иттифоқининг етти давлати иштирок этишини тасдиқлаган”, — деди вазир.
Белоусов, шунингдек, 370 та аҳоли пунктида қўшинлар иштирокида тантанали тадбирлар ўтказилишини айтди. Вазирнинг сўзларига кўра, Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби зиммасига юкланган улкан масъулиятни яхши тушунади.
“Ушбу муҳим санани нишонлашда иштирок этиш ҳар биримиз учун катта шарафдир. Байрам тадбирлари юқори савияда ўтиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз” — деди Мудофаа вазири.
Россия етакчисининг қайд этишича, Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар мазмунли ва аниқ мақсадларга эришишга қаратилган бўлиши керак.