TOШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўтган йилда Ўзбекистон ва Беларусь корхоналари томонидан тузилган биржа битимлари ҳажми 55 миллион долларга етди, бу 2023 йилга нисбатан уч баробар кўпдир. Бу ҳақда Беларусь универсал товар биржасининг (БУТБ) Гомел филиали директори Григорий Гинсар Фарғона вилояти делегацияси билан учрашувда маълум қилди, деб ёзмоқда БЕЛТА.
БУТБ вакилининг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги биржа савдо айланмасининг ўсишига савдоларда ўзбекистонлик иштирокчилар сонининг қарийб икки баравар кўпайиши ва ўзаро савдога янги ликвид товар позицияларининг жалб этилиши ёрдам берган.
“2024 йил январь ойида биржада 97 та Ўзбекистон компанияси аккредитациядан ўтган бўлса, декабрь ойи охирига келиб уларнинг сони 177 тага етди. Биржа савдоларига қизиқиш ортиб бораётгани Ўзбекистон ишбилармон доиралари билан олиб борилаётган кенг қамровли ахборот ишлари натижасидир. Бунга саноат кўргазмалари ва бошқа ишбилармонлик тадбирларига мунтазам ташриф буюриш, ўзбек компаниялари учун ўқув семинарларини ташкил этиш, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси ва Беларуснинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилиш киради”, — деди БУТБнинг Гомел филиали раҳбари.
Шунингдек, 2023 йилга нисбатан Ўзбекистон корхоналари биржа платформасида сотиб оладиган ва сотадиган товарлар тури ҳам кенгайди. Хусусан, ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон бозорида Беларусь қуруқ ёғсиз ва тўлиқ сути сотила бошланди.
Август-декабрь ойларидаги битимларнинг умумий миқдори 4 миллион доллардан ошди. Импортга келсак, ўтган йили Ўзбекистон Беларусга тўқимачилик саноати учун хомашё – пахта калаваси ва хомашёсини фаол равишда етказиб берди. 2023 йилга келиб ушбу позициялар бўйича битимлар миқдори бир ярим бараварга ошди.
“Фарғона вилояти делегацияси билан ўтказилган музокараларда Гомел вилояти билан биржа савдосини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Устивор йўналишлар қаторида 2024 йилда Беларусь ва ўзбекистонлик савдо иштирокчилари ўртасидаги битимларнинг 88 фоизини ташкил этган кесилган ёғоч экспорти ҳам бор. Бундан ташқари, томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, биринчи навбатда, сут маҳсулотлари ва ярим тайёр гўшт маҳсулотларини харид қилиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришни режалаштирмоқда”, — дейилган хабарда.