TOШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп "Newsmax" нашрига берган интервьюсида Лос-Анжелесдаги ёнғинларнинг зарари ядровий зарбадан кўра кўпроқ эканлигини айтди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“(Вазият – таҳр.) телевизорда кўрганингиздан ҳам ёмонроқ. Ўйлайманки, зарар ядро қуроли қўлланганидан кўра каттароқдир”, — деди Трамп Лос-Анжелесдаги ёнғинлар юзасидан муносабат билдириш чоғида.
Лос-Анжелес округида 7 январь куни бошланган ўрмон ёнғинлари штат тарихидаги энг йирик ёнғинлар саналади. Расмий маълумотларга кўра, ёнғинларнинг умумий майдони 16 минг гектардан ошган. Камида 24 киши ҳалок бўлди, 12 300 тадан ортиқ бино, жумладан, машҳурларнинг уйлари вайрон бўлди. Метеорологларнинг қайд этишича, қуруқ ва шамолли об-ҳаво ёнғиннинг тез тарқалишига сабаб бўлган.