ADSW саммити: Мирзиёев қандай ташаббусларни илгари сурди?

Ўзбекистон етакчиси “Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида нутқ сўзлади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида ўтаётган “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида (ADSW) нутқ сўзлади.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида бугунги кунда энергетика манбаларини диверсификация қилиш, уларнинг балансида углеводород улушини кескин камайтириш – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти эканлигини қайд этди.

“Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтиш. Шу боис 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилдик. Кам углеродли ривожланиш бўйича узоқ муддатли стратегия ва “яшил” молиялаштириш миллий дастурини ишлаб чиқдик. Инвестиция лойиҳаларида “яшил” компонентларни келгуси беш йилда 50 фоизгача кўпайтирамиз”, — деди президент.

Шавкат Мирзиёев выступил на саммите "Неделя устойчивого развития Абу-Даби", проходящем в эти дни в столице Объединенных Арабских Эмиратов.
Қуйидагилар маълум қилинди:
зарарли газларни мониторинг қилиш ва Миллий эмиссия савдо тизимларини жорий этилади;
2030 йилгача зарарли чиқиндиларни 35 фоизга қисқартириш ва бу мажбуриятни доимий ошириб боришни режа қилинган;
“Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилади;
қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
“Тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун биз “яшил” қувватларни жадал ривожлантиряпмиз. Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гиваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди”, — дея қайд этди Мирзиёев.
Айтилишича, ҳозирда хорижий ҳамкорлар билан қиймати 26 миллиард доллардан зиёд ва умумий қуввати 24 гигаватт бўлган 50 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни режа қилинган.
Бугунги кунда “яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни “яшил” иқтисодий ривожланиш ва “тоза энергия” марказларидан бирига айлантирилади.
“Қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлида ҳам илк қадамларни ташладик. Яқинда “COP-29” доирасида қозоғистонлик ва озарбайжонлик ҳамкорларимиз билан имзоланган кўп томонлама битим Европага “яшил” энергияни экспорт қилиш имкониятини беради. Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, “яшил” энергия соҳасида Бирлашган Араб Амирликлари бизнинг ишончли ва стратегик ҳамкоримиздир. Сўнгги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда. Бугунги глобал саммит ташкилотчиси – “Masdar” компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объектини ишга туширдик. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади”, — дея таъкидлади Мирзиёев.
Қўшимча қилинишича, бу каби лойиҳалар Амирликларнинг бошқа етакчи компаниялари ҳамда Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Хитойлик шериклар билан ҳам амалга оширяпти.
Айтилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қуёш, сув, шамол энергияси ҳамда “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятини биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фақат Ўзбекистоннинг ўзида 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергетика ишлаб чиқариш салоҳияти мавжуд. Минтақа улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой. Бу йўналишда республика ҳар бир хорижий ҳамкорга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр.
Шавкат Мирзиёев выступил на саммите "Неделя устойчивого развития Абу-Даби", проходящем в эти дни в столице Объединенных Арабских Эмиратов.
“Анжуманимизда иштирок этаётган нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган “Яшил” университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирамиз. Мазкур Университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий тадқиқот тармоғини яратишни таклиф этмоқчиман”, — деди Ўзбекистон етакчиси.
Мирзиёв Ўзбекистон томонидан қуйидагилар ташаббуслар илгари сурилганини қайд этди:
Дубай ва Бокуда бўлиб ўтган “COP-28” ва “COP-28” саммитлари ва халқаро форумларда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни таъсис этиш;
дарё экотизимлари хавфсизлигини таъминлаш;
сув тежовчи технологиялар минтақавий хабини ташкил қилиш;
Ўсимликлар генетик ресурслари банкини яратиш.
“Жорий йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда умумминтақавий Яшил тараққиёт концепциясини тақдим этамиз. Шунингдек, 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида бўладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига вакилларингизни таклиф этамиз. Янги Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва “яшил” тараққиёт йўлида бутун дунёга очиқдир ва барчангизни кенг кўламли амалий ҳамкорликка чақирамиз”, — дея ўз сўзини якунлади Мирзиёев.
Маълумот учун, саммитда Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Италия бош вазири Жоржа Мелони, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, Финляндия бош вазири Петтери Орпо ҳамда қатор бошқа мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.