Ўзбекистон ва Россия маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди — тафсилотлар

Томонлар бадиий таълим соҳасида етук кадрларни тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашиш тўғрисида келишувга эришишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Россия Федерациясининг Жанубий федерал университети ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий таълим йўналишларида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар берди академия матбуот хизмати.
Онлайн шаклда ўтказилган учрашувда томонлар умумий мақсадлар, бадиий таълим соҳасида етук кадрларни тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашиш тўғрисида келишувга эришишди.
Меморандумнинг мақсади – таълим сифатини ошириш, замонавий методологияларни жорий этиш ва икки давлат ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
“Ушбу келишув ўқитувчилар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, янги инновацион таълим дастурларини яратиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун мустаҳкам пойдевор яратади”, — дейилган хабарда.
Жануб федерал университети "Ростов давлат университети", "Ростов давлат архитектура ва санъат академияси", "Ростов давлат педагогика университети" ва "Таганрог давлат радиотехника университети" олий касбий таълим давлат таълим муассасаларининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.