Вашингтоннинг душманона ҳаракатлари жавобсиз қолмайди — Россия ТИВ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Россия Федерациясига қарши сўнгги санкциялари муносабати билан баёнот эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Вашингтоннинг душманона ҳаракатлари жавобсиз қолмайди ва ташқи иқтисодий стратегияни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Россия Федерациясига қарши сўнгги санкциялари муносабати билан эълон қилган баёнотида маълум қилинди.
10 январь куни АҚШ расмийлари Россияга қарши санкциялар кескин кучайтирилишини эълон қилди.
“АҚШнинг амалдаги маъмуриятининг бутун маҳаллий энергетика секторига ва бир қатор йирик компанияларга нисбатан янги чеклов чораларини, шу жумладан уларнинг бошқарувига, шунингдек, Россия Федерацияси Энергетика вазирлигининг мансабдор шахсларига нисбатан шахсий санкцияларни жорий этиш тўғрисидаги қарори президент Ж. Байденнинг ҳокимиятдаги шафқатсиз муддати тугаши арафасида жаҳон бозорларини беқарорлаштириш хавфи эвазига ҳам Россия иқтисодиётига ҳеч бўлмаганда қандайдир зарар етказишга уринишдир”, — дейилади хабарда.
Баёнотда қайд этилишича, Москва нафақат ташқи босимга дош берди, балки ривожланишда давом этмоқда. АҚШ эса ўз ҳаракатлари билан Америка бизнесига ҳам зарар етказмоқда.
Бунда АҚШнинг Европадаги иттифоқчиларининг ҳам, айни пайтда Калифорниядаги йирик ёнғинлар оқибатларидан азият чекаётган ўз аҳолисининг манфаатлари ҳам қурбон қилинмоқда, дейилган хабарда.
“Албатта, Вашингтоннинг душманона ҳаракатлари жавобсиз қолмайди ва ташқи иқтисодий стратегиямизни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади. Учинчи мамлакатларда нефт ва газ қазиб олиш, шунингдек, импорт ўрнини босиш, нефт конлари хизматларини кўрсатиш ва атом электр станцияларини қуриш бўйича йирик маҳаллий лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилади”, — дея вайд этилган баёнотда.
Айтилишича, Оқ уйдаги конвульсиялар ва жаҳон энергетика саноатини Қўшма Штатлар Россияга қарши бошлаган "гибрид уруш"га тортишга уринаётган Ғарбдаги русофоб лобби ҳийлаларига қарамай, мамлакат жаҳон ёқилғи бозорида асосий ва ишончли ўйинчи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.