ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев электротехника соҳасидаги натижалар ва галдаги вазифаларга оид тақдимот билан танишди, де хабар берди давлат рахбари матбуот хизмати.
Бу соҳанинг саноатдаги улуши 3,5 фоиз, товарлар экспортида 10 фоизни ташкил этади. Ўтган йили 31 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 1 миллиард 300 миллион доллар экспорт қилинган. 516 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 85 та янги корхона ишга тушган. Бу соҳада 27 мингдан зиёд ўзбекистонликлар ишламоқда.
Тақдимотда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси бу йил ҳудудларда 4 миллиард долларлик 290 та янги лойиҳани бошлаб, 600 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш, мисни қайта ишлаш даражасини 75 фоизга етказиш режаларини айтди.
“Бунда маҳаллийлаштириш дастурларидан фойдаланиш муҳим. Масалан, бу йил мамлакатимизда 75 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шунинг 28 миллиард долларини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобидан қоплаш мумкин”, — дейилади хабарда.
Электротехника кластерини кенгайтириш учун Оҳангаронда қўшимча 200 гектар, Фарғонада 10 гектар, Урганчда 4 гектар ер ажратилди. 181 миллиард сўм эвазига инфратузилма қурилди.
“Энди тадбиркорларга технопарклар ҳудудида тайёр бино қуриб, электротехника ва турдош соҳа корхоналарига сотишга рухсат бериш мўлжалланмоқда. Юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларни уч йил муддатга фойда ва мол-мулк солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда. Бу, жумладан, Оҳангарон мис кластерида 68 миллион долларлик, Қашқадарё, Фарғона ва Урганчда 30 миллион долларлик янги лойиҳаларга имконият очади”, — дея қайд этилган хабарда.
Маҳсулотлар сотилиши учун вазирлик ва саноат тармоқлари кесимида 15 триллион сўмлик кафолатли бозор ҳам ташкил қилинмоқда. Ижтимоий объектлар учун қайта тикланувчи энергия қурилмаларини маҳаллий корхоналардан харид қилиш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Давлат раҳбари бу соҳа яшил иқтисодиёт учун, барқарор ривожланиш учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Шу боис жойлардаги барча имкониятларни ишга солиш, тадбиркорларга инфратузилма, молия ва хомашё жиҳатидан қўшимча шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Мутасаддилар буларнинг эвазига экспортни йилига 3 миллиард долларга, ишлаб чиқариш ҳажмини 50 триллион сўмга етказиш имконияти борлигини қайд этди.