TOШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Индонезия БРИКСга тўлақонли аъзо бўлди. Бу ҳақда Бразилия ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“2025 йил 1 январдан бошланган ва 2025 йил 31 декабргача давом этадиган Бразилиянинг БРИКСга вақтинчалик раислиги контекстида Бразилия ҳукумати 6 январь куни Индонезия Республикасининг БРИКСга тўлақонли аъзо сифатида расман киришини эълон қилди. Бразилия ҳукумати Индонезиянинг БРИКСга киришини олқишлайди”, — дейилади хабарда.
Индонезия номзоди 2023 йил августида Йоханнесбург саммитида гуруҳ етакчилари ўртасида консенсус йўли билан маъқулланган, бироқ аъзо бўлишдан аввал бу мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилган ва янги ҳукумат тузилган эди.
Индонезия аҳоли сони бўйича дунёда тўртинчи (277 миллиондан ортиқ киши) ва иқтисодиёти йирик бўлган давлатлар ичида саккизинчи ўринни эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Бразилия БРИКСга раислик қилмоқда. БРИКС 2006 йилда Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия томонидан ташкил этилган бўлиб, беш йилдан сўнг Жанубий Африка ташкилотга қўшилди. Ўтган йили Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Саудия Арабистони аъзо бўлди.