TOШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги янги йилдан бошлаб мамлакатнинг хориждаги барча элчихоналари ва бош консулликларида электрон виза хизмати жорий этилганини маълум қилди, деб ёзмоқда “Дунё”АА.
Қайд этилишича, "e-Visa" хизмати 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб Таиланднинг хориждаги барча 94 та элчихонаси ва бош консулликларида фойдаланиш мумкин бўлади.
Таиланд визаси учун чет эл фуқароси янги онлайн платформа орқали мурожаат қилиши керак.
Таъкидланишича, ариза берувчидан Таиланд дипломатик ва консуллик идораларига паспортнинг асл нусхаси ва тасдиқловчи ҳужжатларни шахсан тақдим этиши талаб қилинмайди. Ариза маъқуллангандан сўнг, тасдиқловчи электрон почта хабари юборилади. Ариза берувчидан Таиланд чегарасидаги авиакомпания ва иммиграция хизмати ходимларига тақдим этиш учун тасдиқловчи электрон почта нусхасини чоп этиши сўралади.
Амалдаги қоидаларга кўра, 2024 йил 15 июлдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун Таиландга 60 кунгача бўлган муддатга визасиз режим жорий этилди. Электрон виза тизимида эса фуқароларга 90 кунлик туристик, бизнес, оилавий ва бошқа визалар берилади.