TOШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Покистоннинг Карачи шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи ва Маданий маркази очилди, дея хабар берди “Дунё” АА.
"UzbekPak International Trading Centre" Ўзбекистон-Покистон халқаро савдо уйи ҳамда "UzbekPak Cultural Centre" маданий маркази Ўзбекистон элчихонаси ва "Diners Group" компанияси ҳамкорлигида очилди.
"Карачи ва Тошкент шаҳарларида очилаётган савдо уйлари икки мамлакат саноат маҳсулотлари тўғрисида хабардорликни ошириб, доимий фаолият юритувчи кўргазма павильони шаклидаги савдо платформаси сифатида фаолият кўрсатади. Покистон ва Ўзбекистоннинг экспорт ва импорти номенклатурасида ўзаро улушни сезиларли оширишга хизмат қилади деган умиддамиз", — деди компания раҳбари Соҳаил Мотен.
Ўзбекистон элчисининг сўзларига кўра, савдо уйи икки мамлакат халқлари ва миллий иқтисодиётини янада яқинлаштиради.
“Савдо муносабатларимиз номенклатурасини янги бирликлар билан бойитиш, товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш борасида олий даражада эришилган келишувларни самарали ижро этишимизга замин яратади", — деди элчи Алишер Тўхтаев.
Покистон томони қайд этишича, савдо уйи ва маданий марказ Покистон ва Ўзбекистон, Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишда истиқболли лойиҳалар ва замонавий ечимларни ишлаб чиқиш, икки миллат ўртасида узилиб қолган ришталарни қайта тиклаш учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Айтилишича, савдо уйида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари – тўқимачилик соҳаси намуналари, ип-калава, жун ва тери, пластик гранулалар, қуруқ мевалар жойлаштирилган. Ҳозирда маҳсулотлар сони ва турини кўпайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда.