ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
“Телефон орқали мулоқотда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов бир-бирини ва қардош халқларни кириб келаётган 2025 йил билан самимий қутлаб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаровонлик, тинчлик ва равнақ тилашди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Давлат раҳбари бу йил шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан юксак савияда ўтказилган халқаро тадбирларга алоҳида тўхталди. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан бадиий фильм суратга олингани, бир қатор қўшма тадбирлар ўтказилгани таъкидланди.
“Суҳбат чоғида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш нуқтаи назаридан минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари ва Қозоғистоннинг биринчи президенти кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, қардош халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилашди.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак даражага кўтарилгани, кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.