Мирзиёев Кореядаги авиаҳалокат муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Самолёт бортида 181 киши бўлган. Ҳалокат қурбонлари сони 151 кишига етди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея республикаси президенти вазифасини бажарувчи Чой Санг Мокга таъзия мактуби йўллади, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кореянинг Муан шаҳрида рўй берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Чой Санг Мокга таъзия мактуби йўллади”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон етакчиси Корея халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
29 декабрь куни Jeju Air авиакомпаниясининг 7C 2216 рейсини амалга оширувчи Boeing 737-800 самолёти Муан аэропортига қўнаётганда учиш-қўниш йўлагидан ошиб ўтиб, панжарага урилган. Ёнғин бошланган. Самолёт бортида 181 киши бўлган. Хорижий ОАВга кўра, икки кишидан ташқари, самолёт бортида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳозиргача 124 кишининг жасади топилган. Ўт ўчирувчиларнинг сўзларига кўра, ҳалокатнинг эҳтимолий сабаблари сифатида об-ҳаво шароити ҳам, қушларнинг урилиши ҳам кўрилмоқда.