ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект технологияларини ҳамда телекоммуникацияларни ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.
Таъкидланишича, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида “булутли” маълумотлар маркази ишга туширилади. Стартапларга шароит яратиш учун Тошкент ахборот технологиялари ва Инха университетларида сунъий интеллект бўйича лабораториялар очилади.
Давлат идораларининг 3 минг нафар ходими, ҳокимлар ва ўринбосарларининг бу борада малакаси оширилади.
Мутасаддиларга сунъий интеллект асосида ишлайдиган лойиҳалар сонини 100 тага, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 50 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Тармоқ корхоналарида бошланган трансформация ижобий натижа бераяпти. Шу йилнинг ўзида телекоммуникация хизматлари ҳажми 16 фоизга ошиб, 21 триллион сўмга етган. “Ўзбектелеком” компанияси даромади 9 триллион сўмдан ошган.
Энди келгуси йил бошқарувни тўлиқ рақамлаштириб, харажатларни иқтисод қилиш, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиб, халқаро рейтингни олиш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда сунъий интеллектга доир қонуний асосларни яратиш, рақамли технологиялар соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.