Мода, тўқимачилик: Ўзбекистон ва Ўмон ишбилармон аёллари ҳамкорликни йўлга қўймоқчи

2025 йил баҳорида Ўмон ишбилармон аёллари бизнес миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Ўмон ишбилармон аёллари ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон ва Ўмон тадбиркор аёллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова, Ўмон томонидан эса Савдо-саноат палатаси аъзоси, мамлакатдаги йирик тадбиркор аёллардан бири, "SUMU LLC" компанияси раҳбари Сиҳам ал-Ҳарси иштирок этишди.
Суҳбат давомида ўзбекистонлик ва ўмонлик аёл тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, улар учун мулоқот майдонини яратиш масалалари, икки давлат аёлларини бирлаштириши мумкин бўлган мода, тўқимачилик ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида семинарлар, B2B форматидаги учрашувлар, ворк-шоплар, маҳорат дарслари, шунингдек, 2025 йил баҳорида Ўмон ишбилармон аёллари бизнес миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Ўмон янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди