Ўзбекистон ва Россия солиқ соҳасида ҳамкорликни кучайтиради — тафсилотлар

Россия Федерал солиқ хизмати раҳбари: ўзбекистонлик ҳамкасблардан ўрганиш керак бўлган нарсалар бор.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия солиқ маъмуриятчилиги соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди, дея хабар берди Солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
“Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ва Россия Федерал Солиқ хизмати раҳбарлари солиқ методологияси ва солиқ маъмуриятчилиги бўйича ўқув дастурларини ўтказишда техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни имзолашди”, — дейилади хабарда.
Россия Федерал солиқ хизмати раҳбари Даниил Егоровнинг сўзларига кўра, ўзбекистонликлардан ўрганиш керак бўлган нарсалар бор.

“Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан ўрганишимиз керак бўлган нарсалар бор. Мен бу йил у ерда бўлдим ва улар нималар қилганини кўрдим. Ҳамкорлигимизда ўқитиш бўйича алоқаларга кўпроқ аҳамият бериш керак, деб ҳисоблайман. Биз бир-биримизга яхшироқ ва самаралироқ бўлишга ёрдам беришимиз керак”, — деди Даниил Егоров.

Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Россия томонига кенг қамровли ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
“Сизнинг жамоангизга қилган ишлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ишончим комилки, бугун имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ва хизматларимиз манфаати учун хизмат қилади. Бундай ҳамкорлик давлатларимизнинг солиқ органлари салоҳиятини оширади”, — дея қайд этди Кудбиев.
Шунингдек, маҳсулотларни рақамли маркировкалаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилиниб, келгуси йил учун асосий йўналишлар белгилаб олинди.
“Йиғилиш иштирокчилари маркировкаланган маҳсулотлар муомаласи билан шуғулланувчи солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш муҳимлигини таъкидладилар. Маҳсулотларни кузатиш тизимини такомиллаштириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда, бу эса бозор шаффофлиги ва назорат самарадорлигини оширади”, — дея аниқлик киритилди хабарда.
Солиқ қўмитаси делегацияси Робототехника марказига ташриф буюриб, у ерда логистика операцияларини оптималлаштириш ва харажатларни минималлаштиришга ёрдам берувчи омбор жараёнларини автоматлаштиришнинг илғор технологиялари билан танишди.