Мирзиёев Алиевни туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон президентига янги муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ тилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашди, дея хабар берди Озарбайжон президенти матбуот хизмати.

“Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни туғилган куни билан табриклаб, президентлик фаолиятида янги муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ тилади. Президент Илҳом Алиев кўрсатилган эътибор ва табрик учун миннатдорлик билдирди”, — дейилади хабарда.

Телефон мулоқотида ўзаро олий даражадаги ташрифлар ва мунтазам мулоқотларнинг икки томонлама муносабатлар ривожига қўшган ҳиссаси қайд этилди. Президент Илҳом Алиевнинг жорий йил Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутгани таъкидланди.
Мазкур ташриф доирасида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома икки томонлама муносабатлар юксак чўққида эканини кўрсатгани айтилди.

“Ўзбекистон президенти Илҳом Алиевга Озарбайжонда COP29 га аъло даражада мезбонлик қилгани муносабати билан яна бир бор табриклаб, ушбу муҳим воқеани мамлакатнинг халқаро нуфузи мустаҳкамланаётганининг намойиши сифатида баҳолади. Президент Илҳом Алиев табрик учун миннатдорлик билдириб, Шавкат Мирзиёевга COP29 даги фаол иштироки учун яна бир бор миннатдорлик билдирди”, — дея қайд этилди хабарда.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари бундан буён ҳам барча соҳаларда муваффақиятли ривожланиб боришига ишонч билдиришди. Ҳамкорлик истиқболлари, келгусидаги алоқалар ва томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Илҳом Алиев 1961 йил 24 декабрда Бокуда туғилган. Москва давлат халқаро муносабатлар институтини, кейин эса аспирантурани тамомлаган. Тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга.