TOШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. 2025 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Россиядаги мактабларга ўқишга кириш учун мигрант болаларнинг рус тилини билиш тести бошланади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенко РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Рособрнадзор ҳозирда услубий материаллар, тест тизимлари ва баҳолаш мезонларини тайёрлашни якунламоқда, чунки биз турли синфлар турли даражадаги тестларни талаб қилишини тушунамиз. Келгуси йилнинг биринчи апрелидан бошлаб мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида бундай ишлар тизимли равишда йўлга қўйилади”, — деди ҳукумат раиси ўринбосари.
Унинг аниқлик киритишича, ҳар йили 155 мингга яқин мигрант бола рус мактабларига боради.
Давлат Думаси аввалроқ рус тилини билмайдиган мигрантларнинг фарзандларини рус мактабларига киритишни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Энди улар тилни билиш даражасини кўрсатадиган тест синовидан ўтишлари керак бўлади. Таълим вазирлигининг аниқлик киритишича, болаларни текшириш давлат ёки шаҳар ташкилотида бепул амалга оширилади.
Шунингдек, Россия олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган чет эллик талабалар келаси йилдан бошлаб рус тилидан имтиҳон топширишлари керак бўлади, тегишли буйруқ аллақачон Таълим ва фан вазирлиги раҳбари Валерий Фалков томонидан имзоланган.
“Таълим вазири томонидан имзоланган буйруққа мувофиқ, келаси йилнинг 1 апрелидан бошлаб Россия олий ўқув юртларига ўқишга кирувчи барча чет элликлар учун рус тилидан мажбурий имтиҳон ўтказилади”, — деди ҳукумат раиси ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, бу иш тизимли равишда олиб борилмоқда, чунки аввалроқ Россия президенти Владимир Путин 2030 йилгача мамлакат олий ўқув юртларида камида 500 минг хориж фуқаросини ўқитиш бўйича топшириқ берган. Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакат олий ўқув юртларида 380 минг нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда.