TOШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. “Ўзбеккосмос” агентлиги 2 мингтага яқин ноқонуний чиқиндихонани аниқлади, дея хабар берди агентлик матбуот хизмати.
Агентлик экология йўналишида олиб борилган космик мониторинг натижаларини эълон қилди.
“Республиканинг қарийб 721 гектар майдонида 1 минг 928 та ноқонуний чиқиндихона мавжуд эканлиги аниқланди", — дейилади хабарда.
Улардан 123 таси яъни 255,5 гектари чиқинди сақлаш полигонлари чегарасидан ташқарига чиқиш, 1 805 таси 465,2 гектари эса ноқонуний чиқинди полигонлари сифатида қайд этилмоқда.
“Ноқонуний чиқинди полигонларга нисбатан чора кўриш мақсадида космик мониторинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига юборилган”, — дейди агентлик матбуот хизмати вакили Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Ноқонуний чиқиндихоналар қуйидаги ҳудудларда аниқланган:
Қорақалпоғистон Республикасида 243 та (63,2 гектар);
Хоразм вилоятида 168 та (22 гектар);
Бухоро вилоятида 92 та (91б7 гектар);
Навоий вилоятида 216 та (112,4 гектар);
Самарқанд вилоятида 147 та (41,2 гектар);
Қашқадарё вилояти 81 та (79б3 гектар);
Андижон вилояти 180 та (42 гектар);
Наманган вилоятида 195 та (65,2 гектар);
Фарғона вилоятида 164 та (51 гектар);
Тошкент вилоятида 363 та (98,6 гектар);
Жиззах вилоятида 39 та (30,44 гектар);
Сурхондарё вилоятида 40 та (20,11 гектар).
Айтилишича, бу каби ноқонуний чиқинди полигонларининг ташкил этилиши атроф муҳит ва экологияга катта салбий таъсир ўтказади. Зарарли ҳашаротлар кўпайиши, инфекцион касалликларнинг ортиши, инсонларда ўпка саратони ва нафас олиш нуқсонларининг ривожланишига олиб келади.