Сенат келаси йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади

2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун маъқулланди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Келаси йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун қуйидагиларга қаратилган:
аҳоли фаровонлигини ошириш;
камбағалликни қисқартириш;
ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш;
“яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш.

“2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган”, — дейилади хабарда.

Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўмни, харажатлари эса 344,8 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (буджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 трлн сўм ва 62,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган бўлиб, Давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.
“Қонунда 2025 йил учун Давлат бюджети харажатларида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 трлн сўм кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 трлн сўмни ёки 2024-йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда ажратиш режалаштирилмоқда”, — дейилган хабарда.
Шунингдек, президентнинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида 2025 йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистонда давлат бюджети даромад ва харажатлари қандай ўзгаради?