Илҳом Алиев: Озарбайжон Туркия ҳарбий базасига муҳтож эмас

Озарбайжон раҳбари Алиев: Мамлакат Туркия ҳарбий базасига муҳтож эмас.
Sputnik
TOШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. ОАВда Туркиянинг Озарбайжонда ҳарбий база қуриш режалари ҳақидаги хабарлар сиёсий спекуляциядир. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ВГТРК ва РИА Новостига берган интервьюсида маълум қилди.

"Қисқаси — керак эмас. Вақти-вақти билан маълум оммавий ахборот воситаларида бундай маълумотлар пайдо бўлишини ҳисобга олган ҳолда жавобимни бироз кенгайтирсам, бунга ҳожат йўқлигини айтишим керак”, — деди Алиев, "Россия сегодня" халқаро медиагуруҳи бош директори Дмитрий Киселёвга берган интервьюсида.

Президент турк ҳарбий базасини Озарбайжонда жойлаштириш режалари ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади, чунки бугунги кунда дунёнинг исталган нуқтасида битта ҳарбий базани яшириш деярли мумкин эмас.
Алиевнинг сўзларига кўра, бу маълумотлар сиёсий спекуляция характерига эга.
Озарбайжон ва Туркия ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шуша декларациясида таҳдид ва тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи банд бор, дея эслатди у.

“Агар у ёки бу давлат ташқи таҳдид, ташқи тажовузга дуч келса, бу Озарбайжоннинг ҳам, Туркиянинг ҳам ёрдамга келиши мажбуриятидир. Шунинг учун декларациянинг ушбу банди ўз моҳиятига кўра, муайян ҳудудда доимий ҳарбий инфратузилмаларни яратишни мутлақо кераксиз қилади”, — дея тушунтирди Озарбайжон раҳбари.

Алиев мамлакатлар ўртасидаги 30 йилдан ортиқ ҳарбий ҳамкорликда Туркия ва унинг ҳарбий тузилмалари Озарбайжон армиясини модернизация қилиш ва жанговар салоҳиятни юқори стандартларга етказиш, операцияларни режалаштириш, вазиятни таҳлил қилиш, ҳарбий разведка салоҳиятида катта рол ўйнаганига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Боку Анқара туфайли "ҳарбий ҳаракатларда юқори самарадорликка" эришган.

“Биз турк дўстларимиздан бундай ёрдам учун жуда миннатдормиз”, — деди Алиев.

Озарбайжон Россия компанияларининг Қорабоққа келишидан хурсанд бўлади — Алиев