TOШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Россия Қуролли кучлари 2024 йилда мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган барча вазифаларни бажарди. Бу ҳақда Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Қуролли Кучларнинг жорий йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилар эканман, мамлакат раҳбарияти томонидан белгиланган барча вазифалар бажарилганини қайд этмоқчиман”, — деди у хорижий давлатлар ҳарбий атташелари учун ўтказилган брифингда.
Унинг аниқлик киритишича, қурол-яроғ ва ҳарбий техника янгиланмоқда, бошқарув таркиби ва бўлинмаларининг тайёргарлик даражаси ошмоқда.
Махсус операция давомида авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва бошқа ҳарбий бўлинмалардан фойдаланган ҳолда турли тузилмалар томонидан жанговар ҳаракатларни амалга оширишда катта амалий тажриба тўпланди.
Махсус ҳарбий операция мақсадларига албатта эришилади, деди Герасимов. Бош штаб бошлиғининг таъкидлашича, Россия қўшинлари потенциал душманнинг имкониятлари, унинг жанг майдонидаги тактикаси, Ғарбда ишлаб чиқарилган қуролларнинг кучли ва заиф томонлари ҳақида аниқ тушунчага эга.
“Биз нима қилиш кераклигини ва ҳал қилиниши керак бўлган вазифаларни биламиз. Келгусида биз глобал ва минтақавий миқёсда вазиятни барқарорлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимизнинг тинч ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун армия ва флотнинг изчил ва мутаносиб ривожланиши устида ишлашни давом эттирамиз”, — дея қўшимча қилди у.