Маҳкумларга яқинлари билан онлайн учрашиш ҳуқуқи берилади

Депутатлар озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видео-учрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларга масофали видео-учрашувлар ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди, дея хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.
Заседание Законодательной палаты Олий Мажлиса
Депутатлар озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видео-учрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат лойиҳаси уларни жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш, жазони ўтаб чиққанидан сўнг жамиятга қайта мослашишига кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Заседание Законодательной палаты Олий Мажлиса

“Мазкур лойиҳа жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳуқуқларини халқаро нормаларга мувофиқлаштириб, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда озодликдан маҳрум этилган шахсларни қайта жиноят содир этиш ҳолатларини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган”, — деди ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодексининг тегишли моддаларига Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга масофадан видео-учрашув ҳуқуқини бериш орқали ўз яқинлари билан онлайн учрашиш имкониятини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бунда масофали видео-учрашувлар сони маҳкумнинг жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади.
“Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдириб, ушбу қонун лойиҳаси инсон манфаатларига хизмат қилиши, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ўз оила аъзолари ва яқинлари билан алоқада бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилганини алоҳида қайд этишди”, — дейилади хабарда.
Бу борада депутатлар мутахассисларга “жазони ижро этиш муассасаларида моддий техник база етарлими” деган савол билан мурожаат этишди.
ИИВ вакилининг қайд этилишича, маҳкумлар қўшимча ҳуқуқ доирасидан асосий ҳуқуқ доирасига чиқмоқда. Барча муассасаларда тегишли қурилмалар ўрнатилган. Агар мазкур ҳужжат қабул қилинса, алоҳида платформа орқали мазкур ишларни амалга ошириш имконияти яратилади.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасидаги ўзгартиришлар нафақат маҳкум учун, балки унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳам қулайликлар яратади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.