Энергетика соҳасида 18 та мажмуа ишга туширилди, яна 6 тасининг қурилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 18 та мажмуанинг фаолияти ва 6 та лойиҳанинг қурилишини бошлаб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу галги маросимда умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 24 та лойиҳа тайёрланди. Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида қарийб 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция қуриб битказилган. Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли энергия сақлаш тизими барпо этилган. Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС шай ҳолатга келтирилган.
Шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2,5 минг мегаваттли 6 та электр иншооти қурилиш арафасида.
Ушбу янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
1 / 9
2 / 9
3 / 9
4 / 9
5 / 9
6 / 9
7 / 9
8 / 9
9 / 9
Таъкидланишича, Ўзбекистонда келгуси йили жами 84 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт соат ёки 1,5 баробар кўпдир.
Маросимда Мирзиёев нутқ сўзлаб, бу лойиҳаларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига қурилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва Германия компанияларига, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбари энергетика соҳасидаги навбатдаги режаларга тўхталиб ўтди.
Биринчидан, 2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”лар барпо этилиб, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади. Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станцияси, 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. Бунинг натижасида келгуси йили “яшил энергия” ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 миллиард киловатт соатга етади. Шунингдек, келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.
Иккинчидан, электр энергия бозорини эркинлаштириш бўйича навбатдаги қадамлар қўйилади. Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади. Давлат-хусусий шериклик тақсимлаш тармоқларига ҳам жорий қилиниб, уларни модернизация қилиш учун 4 миллиард доллар инвестиция жалб этилади. Бу борада Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича илк лойиҳа ишлаб чиқилиб, халқаро тендер эълон қилинди.
Учинчидан, “яшил энергетика” йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади. Бу борада биринчи амалий қадамлар қўйилди – “COP29” доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан “яшил энергия”ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича битим имзоланди. Марказий Осиё электр энергияси ишлаб чиқариш учун бир вақтнинг ўзида қуёш, шамол, сув каби табиий ресурслар бўйича катта салоҳиятга эга. Бу борада минтақавий энергия тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ягона платформа ишга туширилади.
Тўртинчидан, “яшил энергетика” бошқа соҳа ва тармоқларнинг ривожи, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши учун янги драйверга айланмоқда. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 1 минг мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиб, йилига 1,5 миллиард киловатт соат электр энергияси олинмоқда. Бундай ишлар изчил рағбатлантирилиши, дуал таълим асосида мутахассислар тайёрланиши айтилди.
“Бугунги тадбир юртимиз энергетика тарихида янги саҳифа очади. Ишга туширилаётган бу лойиҳалар орқали нафақат иқтисодий ўсишга эришамиз, балки келажак авлодларимиз учун яшил ва барқарор Ўзбекистоннинг мустақил пойдеворини яратамиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросимда Бирлашган Араб Амирликларининг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бина Муҳаммад ал-Мазруий, Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар, Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд ҳам нутқ сўзлади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий дастакни босиб, 18 та мажмуанинг фаолияти ва 6 та лойиҳанинг қурилишини бошлаб берди.
Ўзбекистон энергетика бозорини яқин йилларда қандай ислоҳотлар кутмоқда — регулятор