ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Россия ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо бошқа давлатлар фуқаролар ўзларини хотиржам ва хавфсиз ҳис қилишлари учун ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни ўз вақтида такомиллаштиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин КХШТ мамлакатлари парламентлари раҳбарлари билан учрашув чоғида маълум қилди.
“Миграция хавфсизлиги концепцияси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ўз вақтида тайёрланди. Бундан Россия ҳам, ҳамкорларимиз ҳам манфаатдор, чунки ҳаммасини ўз вақтида ҳал қилиш керак”, — деди Путин.
Унинг таъкидлашича, давлатлар фуқаролари ўзларини хотиржам, ишончли ва хавфсиз ҳис қилишлари керак. Шунингдек, бирлашма доирасида бир мамлакатдан иккинчисига кўчиб ўтаётган инсонлар меҳнат қилиши, қаерга келаётганини тушуниши, тил билиши, ижтимоий имконият ва кафолатлардан фойдаланиши ҳам муҳим.