TOШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ўзбекистонлик мутахассисларга соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитасининг сертификатлари топширилди, дея хабар берди қўмита матбуот хизмати.
Санкт-Петербургда МДҲ соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик кенгашининг 37-мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари, МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси ва МДҲ Ижроия қўмитаси комиссиялари раислари иштирок этди.
Министры здравоохранения стран СНГ подвели итоги совместной деятельности за 2024 год
© Исполнительный комитет Содружества Независимых Государств
Йиғилиш иштирокчилари жорий йилда Кенгаш доирасида 150 тадан ортиқ тадбир ўтказилгани, 200 тага яқин масала кўриб чиқилгани, шунингдек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик концепциясига киритилган ўзгартиришлар келишиб олингани қайд этилди.
МДҲга аъзо давлатлар ҳудудларининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва санитария муҳофазасини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кенгаш аъзолари томонидан трансфузиология ва ҳудудларни санитария муҳофазаси соҳасида қатор услубий ҳужжатлар тасдиқланди.
Россия Федерациясининг МДҲ платформасида болалар ва катталар травматологияси ва ортопедияси, шунингдек, гематология соҳасида учта янги асосий ташкилотни ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Кенгаш аъзолари, таянч ташкилот раҳбарлари ва комиссиялар раисларининг ташаббусларини инобатга олган ҳолда Кенгашнинг келгуси йилга мўлжалланган асосий фаолияти режаси тасдиқланди.
“Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедевнинг фармойишига мувофиқ, МДҲга аъзо давлатлар ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наталья Нодирханова ва марказ ўринбосари Аюбхон Қаюмовга МДҲ Ижроия қўмитасининг сертификатлари топширилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2025 йилда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кенгашга раислик қилади.