Заргарлик, чой қадоқлаш ва туризм: Ўзбекистон ва Ҳиндистон янги лойиҳалар ўрганиб чиқмоқда

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Ғарбий Бенгалия штатида қатор музокаралар ўтказди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, чой қадоқлашни йўлга қўйиш, қурилиш, тиббиёт, таълим, туризм ва меҳмондўстлик соҳаларида янги лойиҳаларни ўрганиб чиқмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ғарбий Бенгалия штати маъмурий маркази Колката шаҳрида қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.
"Juneja Group" гуруҳи раиси ва "CLC Tanners Association" чарм саноати уюшмаси президенти Рамеш Жунежа билан тери тайёрлаш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, чарм-пойабзал, атторлик ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари ўрганилди.
“Рамеш Жунежа Ўзбекистонда ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик учун яратилган қулай шароитларни юқори баҳолаб, мамлакатимиз билан шериклик ўрнатишдан манфаатдорлик билдирди. Компания делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Қуйидаги соҳаларда шериклик қилиш бўйича амалий лойиҳалар ўрганиб чиқилди:
"PC Chandra Jewellers" компанияси билан заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш;
"Oodlabar Co. Ltd" компанияси билан чой қадоқлашни йўлга қўйиш;
"KIC Group" компанияси билан қурилиш ва тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш;
"Techno India University" университети билан таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш;
"ITC Royal Bengal" меҳмонхонаси билан туризм ва меҳмондўстлик соҳасида шериклик қилиш.