ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Россия АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг Украинадаги можарога оид баёнотини ўрганди, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
“Биз АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Парижда Макрон ва Зеленский билан учрашувидан сўнг айтган баёнотини диққат билан ўрганиб чиқдик”, — деди Песков.
Кремль вакилининг таъкидлашича, Трампнинг махсус ҳарбий операциядаги Россиянинг йўқотишлари ҳақидаги маълумотлари украинача талқинда тақдим этилган ва Киев позициясини баён қилган.
Тинчлик музокаралари шартларини аввалроқ Россия президенти Владимир Путин эълон қилган, бироқ Украина музокараларни рад этишда давом этмоқда ва ўз позициясини ўзгартирмаяпти, деди Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков.
“Шу ўринда шуни эслатиб ўтиш керакки, айнан Украина музокараларни рад этган ва рад этишда давом этмоқда. Бундан ташқари, (Владимир) Зеленский ўз фармони билан ўзини ва маъмуриятини Россия раҳбарияти билан ҳар қандай алоқада бўлишни тақиқлади. Уларнинг бу позицияси ўзгармайди”, — деди Песков.
Унинг қайд этишича, тинч траекторияга ўтиш учун Зеленский “ўзининг ушбу фармонини бекор қилиши ва жойларда юзага келаётган воқеликни инобатга олган ҳолда Истанбул келишувлари асосида мулоқотни қайта бошлаш бўйича кўрсатмалар бериши кифоя”.