Россия Асад ва унинг оиласига гуманитар сабабларга кўра бошпана берди — Кремль

Кеча Асад ва унинг оила аъзолари Москвага етиб келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Истеъфога чиққан Сурия президенти Башар Асад ва унинг оила аъзолари Москвага келишди, Россия уларга гуманитар сабабларга кўра бошпана берди. Бу ҳақда РИА Новостига Кремлдаги манба маълум қилди.
“Сурия президенти Асад ва унинг оила аъзолари Москвага етиб келди. Россия гуманитар нуқтаи назардан келиб чиқиб, уларга бошпана берди”, — деди агентлик суҳбатдоши. Манбага кўра, Россия Сурия инқирозини ҳал қилиш учун сиёсий ечим излашни доим қўллаб-қувватлаб келган.
Бундан ташқари, Россия БМТ шафелигида музокараларни қайта бошлаш зарур деб ҳисоблайди.
“Россия расмийлари Суриядаги қуролли мухолифат вакиллари билан алоқада, уларнинг раҳбарлари Суриядаги Россия ҳарбий базалари ва дипломатик муассасалари хавфсизлигини кафолатлаган”, — дея қўшимча қилди манба.
Манбанинг таъкидлашича, Россия Сурия халқи манфаатлари ва мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлида сиёсий мулоқотни давом эттиришга умид қилмоқда.
Асад давлатни тарк этди, айрим вазирлар билан боғланиб бўлмаяпти: Сурияда вазият қандай?