Ўзбекистонлик мутахассислар Россияда дизайн ва маркетинг бўйича малака оширишмоқда

Хоразм вилояти тўқимачилик саноати мутахассислари Иваново ва Москва шаҳарларида малака оширмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ўзбекистон тўқимачилик мутахассислари Россияда дизайн ва маркетинг бўйича малака оширишмоқда, дея хабар берди Савдо-саноат палатаси (ССП).
Шу йилнинг 8-17 декабрь кунлари Ўзбекистон ССП кўмагида Россиянинг Иваново ва Москва шаҳарларига Хоразм вилояти тўқимачилик саноати мутахассисларининг ташрифи амалга оширилмоқда.
Ташрифдан мақсад Россиянинг тўқимачилик дизайни ва маркетинг соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва малака ошириш, шунингдек, хорижий экспертлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир.
Ташриф доирасида етакчи ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар, завод ташрифлари, семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Қуйидаги ташрифлар режалаштирилган:
9-11 декабрь кунлари “Дилан текстиль” корхонасига;
12-13 декабрь кунлари “Шуйские ситцы” ва “Миртекс” корхоналарида малакалар ўташ;
14-15 декабрь кунлари Москва савдо нуқталарига;
16 декабрь куни “ТРИО” тўқимачилик студиясига ва “Filimonova Textile” корхонасига;
17 декабрь куни эса Россия мода саноати ассоциациясига, “Солстудио Индастри” корхонасига ва Британия дизайн мактабига.
Қайд этилишича, мазкур ташрифлар Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, замонавий дизайн ва маркетинг усулларини жорий этиш, шунингдек, халқаро миқёсдаги мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.