ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ўзбекистон Малайзия билан давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш йўналишида тажриба алмашади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия бош вазири ҳузуридаги Давлат хизмати департаменти бош директори ўринбосари Аниси бин Иброҳим билан учрашди.
“Учрашувда республика вакиллари учун давлат хизматини такомиллаштириш ва инсон ресурсларини бошқариш мавзуларида Куала-Лумпурда қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ташкил қилиш ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Малайзия Давлат хизмати департаменти ўртасида тегишли музокаралар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди”, — дейилади хабарда.
Мулоқот давомида давлат фуқаролик хизмати соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ташрифлар ва қўшма илмий-амалий тадбирлар уюштириш масалаларида ҳамкорлик режалари ҳам кўриб чиқилди.