Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларини табриклади

Мирзиёев: келгуси йили Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этамиз.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам табриги йўллади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Айтилишича, Ўзбекистонда дала ишлари, жорий мавсум якунига етиб бормоқда. Ўзбекистон етакчиси соҳа ходимлари ва кўпмиллатли халқни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этди.
“Фидокорона меҳнати билан тупроқдан ноз-неъмат ундириб, халқимиз дастурхонини тўкин қилиб келаётган сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир боғбон ва чорвадорларга, омилкор агроном ва механизаторлар, кластерларнинг тажрибали раҳбарлари ва ходимлари, соҳанинг ҳурматли фахрийларига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман”, — дейилади байрам табригида.
Қайд этилишича, шу йилнинг ўзида 9 миллион тонна дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта, 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 15 миллион тоннадан кўп гўшт ва сут, 30 минг тонна пилла етиштирилди.
Бу йил 100 минг гектар майдонда касаллик ва зараркунандаларга чидамли серҳосил ғўза навлари экилиб, улардан мўл ҳосил етиштирилган.
Ғаллачиликда ресурс тежайдиган замонавий агротехнологияларни қўллаш натижасида ўртача ҳосилдорлик биринчи марта 85 центнерга етказилди. Олти мингдан ортиқ тажрибали фермерлар бу борада 90-100 центнерлик маррани забт этган.
Ресурсларни тежайдиган интенсив технологиялар асосида 50 минг гектар майдонда сабзавот етиштирилиб, ҳосилдорлик анъанавий усулга нисбатан 200-250 центнерга ошган, соф даромад гектаридан 6-8 минг долларни ташкил этган.
“Йил давомида қишлоқ хўжалиги субъектларига 18 триллион сўм имтиёзли кредит ва 176 миллиард сўм субсидия ажратилгани, умумий қиймати 3,6 триллион сўмлик 11 минг 600 дона юқори унумли замонавий техника ва агрегатлар етказиб берилгани ҳам мавсумни самарали якунлашда муҳим омил бўлди”, — дейилган хабарда.
Мамлакатда қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, уларнинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида илк бор Миллий дастур қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш учун хорижий молия ташкилотларидан 160 миллион доллардан ортиқ маблағлар жалб этилмоқда.
Бу йил қишлоқ жойларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 343 та янги лойиҳа ишга туширилган.
Шунингдек, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун 75 минг гектар ер майдонлари 180 минг нафардан ортиқ ижтимоий муҳтож аҳоли ҳамда ёшларга бўлиб берилган ва 200 мингдан зиёд иш ўрни яратилган.
Томорқачиликда даромадни ошириш мақсадида 5145 та маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилди.
Чорва наслини яхшилаш ва маҳсулот ҳажмини кўпайтириш учун аҳолига 40 минг бош қорамол, 82 мингта қўй ва эчки етказиб берилди, четдан 260 минг бош зотдор моллар олиб келинди.
“Аграр соҳани илм-фан асосида ривожлантиришни тизимли йўлга қўйиш, унинг барча тармоқларидаги инновацион фаолиятни интеграциялаш мақсадида келгуси йили Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этамиз”, — дейилган байрам табригида.
Айтилишича, ўтган йиллардаги ижобий тажриба давом эттирилиб, яна 100 минг гектар ер деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун аҳолига бўлиб берилади. Пахтачиликда 40 фоиз майдонда Хитойда ўзини оқлаган илғор тажриба жорий этилади.