ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан мулоқот кучайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Сўнгги беш йилда саноат корхоналарига 24 миллиард долларлик ускуналар олиб келиниб, 63 мингта янги қувват ишга туширилган, 1 миллион 500 мингта доимий иш ўрни яратилган. Ҳозирда иқтисодиёт тармоқларида 200 мингдан ортиқ малакали мутахассисга талаб бор.
“Келгуси уч йилда инвестиция дастурлари доирасида ишга тушадиган корхоналарда яна 500 минг нафар ишчига талаб юзага келади. Янги ускуналар ва технологияларда ишлаш учун малакали кадрлар сув ва ҳаводек зарур”, — дейилади хабарда.
Асака транспорт ва машинасозлик техникуми, Бухоро шаҳар энергетика, нефть ва газ саноати техникуми, Ширин энергетика техникуми, Ғузор тумани ва Шаҳрисабз шаҳри 1-сон техникумларида маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда замонавий мутахассислар тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга манфаатли шароит қилиб бериш орқали дуал таълим қамровини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Мактаблар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида бундай дарсларни кўпайтириш, техникумларга хориждан ўқитувчилар олиб келиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 65 та касбий кўникма марказида ўқитиш сифатини ошириш, грантлар жалб этиб, замонавий касбларга мос ускуналар билан жиҳозлаш кераклиги айтилди.
Қуйидагилар амалга оширилади:
Вилоятлардаги 13 та қурилиш касбига ўқитиш маркази дастурлари ҳам меҳнат бозоридаги талаб юқори касбларга мослаштирилади. Қабул тизими рақамлаштирилиб, йилига 20 минг фуқаро касбга тайёрланади.
Касбларни мустақил ёки шогирдликка тушиб ўрганганларга халқаро тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади. Бунинг учун ҳудудларда 5 та Касбий малакани баҳолаш маркази ташкил қилинади.
“Ривожланган давлатларда талабалар учун “Work and Travel” каби кўплаб дастурлар бор. Жумладан, Ўзбекистонлик ёшлар таътил вақтида чет элга бориб, ҳам билим олаяпти, ҳам даромад топаяпти. Бу дастурлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида, келгуси йилдан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан талабаларнинг йўлкира харажатлари учун ссуда ажратиш йўлга қўйилиши айтилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Бундан ташқари, чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг кўпроқ ойлик олишига шароит яратиш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда ишсиз аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш, хориждан қайтганларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.