Асад музокаралар натижасида президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилди — Россия ТИВ

Мария Захарова: Россия бу музокараларда қатнашмади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Суриядаги драматик воқеаларни ҳаддан ташқари хавотир билан кузатмоқдамиз. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.

“Б.Асад ва Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги қуролли можаронинг бир қатор иштирокчилари ўртасидаги музокаралар натижасида у ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича кўрсатмалар бериб, президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилди ва мамлакатни тарк этди. Россия бу музокараларда қатнашмади. Шу билан бирга, биз барча манфаатдор томонларни зўравонликдан воз кечишга ва барча бошқарув муаммоларини сиёсий йўллар билан ҳал қилишга ишонарли чақириқ билан мурожаат қиламиз”, — дейилади Россия ТИВ вакили баёнотида.

Айтилишича, Россия Федерацияси Сурия мухолифатининг барча гуруҳлари билан алоқада. Россия Сурия жамиятидаги барча этно-конфессиявий кучларнинг фикрларини ҳурмат қилишга чақиради ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинган 2254-резолюция асосида инклюзив сиёсий жараённи ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

"Умид қиламизки, бу ёндашувлар БМТ ва барча манфаатдор ўйинчилар томонидан шу жумладан, БМТ Бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Г. Педерсеннинг Женевада зудлик билан Суриялараро инклюзив музокараларни ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш контекстида эътиборга олинади", — дейилган хабарда.

Айни пайтда Суриядаги Россия фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари шай ҳолатга келтирилди. Айни пайтда уларнинг хавфсизлигига жиддий таҳдид мавжуд эмас.
Асад давлатни тарк этди, айрим вазирлар билан боғланиб бўлмаяпти: Сурияда вазият қандай?