Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади

Конституциямиз — мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда ишончли кафолат, дейилади табрик сўзида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади.
"Кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда доимо ишончли кафолат бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Бу ноёб қомуснинг ҳар бир моддаси ва қоидасини ўрганиш, уларга ҳурмат, меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, тўлақонли ижро этиш барчамиз учун муқаддас бурч ва мезонга айланишини истардим.
Сиз, азиз юртдошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг ижодкори бўлган халқимиз омон бўлсин!", - дейилади президент табрик сўзида.