ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Россия Федерациясида ишлаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари фуқароларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиши мумкин, дея хабар берди Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати.
Миграция сиёсати бўйича маслаҳат қўмитаси йиғилишида Россияда ишлаётган ЕОИИ мамлакатлари фуқароларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишга ЕИК иқтисодиёт ва молия сиёсати вазири Бахит Султонов раислик қилди.
Гап ишчиларнинг ҳаракатчанлигини ошириш, ишчи кучининг эркин ҳаракатланишига тўсиқларни бартараф этиш ва Иттифоқда қулай меҳнат шароитларини яратиш ҳақида бўлди. Иштирокчилар Россия Федерациясида ишлаётган Иттифоқ мамлакатлари фуқаролари учун махсус солиқ режимини ўрнатиш бўйича эксперимент давомида юзага келган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.
"Ушбу тоифадаги фуқароларнинг ижтимоий хавфсизлигини ошириш учун уларга россияликлар учун тақдим этилган мажбурий тиббий ва пенсия суғуртаси соҳасидаги ҳуқуқларни кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишга қарор қилинди", — дейилади хабарда.
Бахит Султонов ЕОИИ мамлакатлари ишчиларига Россия Федерациясида якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаш имкониятини бериш муҳимлигини қайд этди. Унинг фикрича, бу меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш жараёнини сезиларли даражада соддалаштиради ва ЕОИИ доирасида меҳнат миграцияси соҳасида яқин ҳамкорлик учун асос бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, йиғилишда рақамли технологияларни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган бандликнинг янги шакллари, мамлакатда ваколатхонаси бўлмаган давлат фуқароларини масофавий ишлаши мумкин бўлган масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Ҳозирги вақтда бундай меҳнат муносабатлари ЕОИИ қонунчилиги билан тартибга солинмаган.
“Иттифоқ қонунчилиги нормаларини бандликнинг янги шакллари пайдо бўлиши шароитида янгилаш зарурати комплекс ёндашувни талаб қилувчи муҳим вазифадир. Бу ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, шунингдек, Иттифоқ мамлакатлари ўртасида бандликнинг ностандарт шаклларини тартибга солишга ёндашувларни уйғунлаштиришни ўз ичига олади”, — дея таъкидлади ЕИК вазири.
Йиғилиш якунлари бўйича ЕОИИ давлатларининг меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчилигини Иттифоқ қонунчилигига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўзгартиришлар мониторингини давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган. Молдова ва Куба ҳам кузатувчи мақомига эга.