ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Россияда лабораториялараро таққослаш синовларида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораториясининг синов натижалари эътироф этилди, дея хабар берди марказ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Бутунроссия метрология илмий-тадқиқот институти томонидан лабораториялараро таққослаш синовлари ташкил этилди. Унда Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси иштирок этди.
Синовлар ташкилотчиси халқаро стандарт ISO/IEC 17043 бўйича аккредитацияланган бўлиб, бу синовларнинг юқори сифатини ва объективлигини кафолатлайди.
“Таққослаш синовларида лаборатория юқори самарали суюқлик хроматографияси (ЮССХ) усули орқали қониқарли натижаларни намойиш қилди. Бу лаборатория томонидан тақдим этиладиган натижаларнинг O‘zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандарти талабларига мослигини ва ишончлилигини тасдиқлайди”, — дея тушинтирилган хабарда.
Айтилишича, марказ мутахассисларининг ушбу нуфузли синовларда эришган ютуғи Ўзбекистонда дори воситалари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги миллий тажрибани янада ривожлантиришга хизмат қилади.