ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Тошкентда жойлашган Алишер Навоий номидаги Катта театр саҳнасида Игорь Моисеев номидаги Давлат академик халқ рақс ансамбли ўз чиқишларини намойиш этди.
Театр саҳнасида намойиш этилган “Дунё халқлари рақслари” номли дастур томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Санъаткорлар рус рақси "Ёз", молдаван, юнон, мексика рақслари, Сицилия тарантелласи, венгер "Понтозоо" ва бошқа кўплаб рақсларни ижро этишди. Албатта, шоу дастуридан "Олма" ва "Кемадаги бир кун" ижроси ҳам ўрин олди.
Тошкентлик томошабинларга, айниқса, 1937 йилда хореограф Игорь Моисеев қўйган “Лаган билан ўзбек рақси” ҳамда “Пахта рақси” номери ёқди.
Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артистлар Александр Тихонов, Юлия Стеблецова ва Денис Попов журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистоннинг “Баҳор” ансамблини қўшма ижодий кеча ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш ва биргаликда чиқиш қилишни таклиф қилишди.
Маълумот учун, ижодий ансамбль 1937 йилда таниқли хореограф Игорь Моисеев томонидан яратилган. Жамоа дунёнинг 70 тага яқин давлатида ўз ижодини намойиш этишга улгурган. Ижод намуналарини яратишда жамоада нафақат хореографлар, балки мусиқачилар, мусиқашунослар, фолклоршунослар, санъатшунослар ва тарихчилар биргаликда ишлайди.