TOШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида футбол соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг машҳур "Селангор" футбол клуби президенти, Селангор штати валиаҳд шаҳзодаси Амир Шаҳ билан учрашув ўтказди.
Хориж томонига сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, президентнинг "Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Узбекистан и Малайзия обсуждают перспективы сотрудничества в сфере футбола
© ИА "Дунё"
"Селангор" футбол клуби ва Ўзбекистон футбол клублари билан алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Малайзия футбол жамоаларининг Ўзбекистондаги болалар-ўсмирлар ва ҳаваскор клублар ўртасидаги турнирларида иштирок этиши, ўртоқлик ўйинларини ўтказиш учун ташрифларни ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун Малайзиядан инвестиция, грантларни жалб этиш, мураббий ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига урғу берилди.
Селангор штати валиаҳд шаҳзодаси Амир Шаҳ Ўзбекистонда футбол соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. У раҳбарлик қилаётган клубда ўзбекистонлик футболчи, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Умар Эшмуродов ўйнаётганини мамнуният билан таъкидлади.
Малайзия томони Ўзбекистон билан футбол соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, 1936 йилда ташкил этилган "Селангор" футбол клуби Селангор штатининг маъмурий маркази Шаҳ-Алам шаҳрида жойлашган. Клуб 33 марта Малайзия кубогини, 7 марта Малайзия суперлигаси ва 7 марта Малайзия футбол ассоциацияси кубогини қўлга киритган.