TOШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ипакчилик мажмуаси қурилиши ишлари бошланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Бош вазир ўринбосари Зулайхо Маҳкамова Чиноз туманида қурилиши режалаштирилган замонавий пиллачилик мажмуаси лойиҳаси фаолиятини кўздан кечирди.
Хитойлик инвесторлар томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳада тут плантацияси ҳамда пиллачилик мажмуаси ташкил этилади.
“9,7 гектар ер майжони ажратилган бўлиб, 260 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш режа қилинган. Шунингдек, 8 миллиард сўм инвестиция киритилади. Шундан бир йилда 350 қути ипак қурти ҳамда 25 тонна тайёр ва ярим тайёр пилла маҳсулотлари етиштирилади”, — дейилади хабарда.
Маҳкамова мажмуа қурилишини тезлаштириш ва унинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Қайд этилишича, кластер Хитой ва Вьетнамнинг илғор тажрибалари асосида барпо этилиши ҳамда пилла етиштиришнинг инновацион усулларини жорий этишни кўзда тутган.